Jump to content

Ритм

From Vikipediya

Ритм (юнонча. рҳео — оқаман), маром, даврийлик — табиий ҳодиса ва жараёнларнинг муайян вақт давомида такрорланиб туриши. Ритмнинг сиклли ва вақтли бўлади. Ҳодиса ва жараёнларнинг табиатда муайян тартибда такрорланиб туриши сикллик дейилади. Масалан , Қуёш фаоллиги билан боғлиқ ҳодисалар — Қуёш доғларининг кўпайиб озайиб туриши, Қуёш чақнашлари, ундаги портлашлар, у билан боғлиқ ҳолда Ерда рўй берадиган ҳодисалар (магнит бўронлари, қутб шафақлари) ва ҳоказо. Вақтли даврийлик ҳодиса ва жараёнларнинг муайян вақт давомида такрорланиб туриши. Масалан, кун билан туннинг алмашиниши билан боғлиқ жараёнлар, фаелларнинг алмашиниши, иқлимий тебранишлар; 2) шеърият, мусиқа, рақс, тасвирий санъат, амалий безак санъати ва меъморлик турлари шаклларининг асосий принсипи. Шеъриятдаги ритм товуш асосида пайдо бўлади. Дастлабки шеърларда сатрлар ўлчов жиҳатдан тенг бўлмаган, аммо улар параллел қўйилган, бу эса синтактик параллелизм дейилиб, у шеър тузилишининг фолклор типига хосдир. Хусусан, туркий халқларнинг қадимий шеърларидаги мисраларни аллитерация ва сўз такрорлари уюштирган; бунда ички қофия ҳам қатнашган; сўнг қофия мисралар охирига кўчиб, эвфония (оҳангдорлик) вазифасинигина эмас, ритм вазифасини ҳам адо эта бошлаган. Шеър тўзилишининг тизимларга ва гуруҳларга ажралиши шундан сўнг рўй берган. Шеър тузилишининг фолклор типидан сўнг квантитатив шеър тузилиши пайдо бўлган, у асосан синкретик давр (санъатнинг аралаш ривожланган даври)нинг шеър техникаси бўлган. Юнон, араб, ҳинд, форс шеър тузилиши ва, жумладан, ўзбек арузи квантитатив шеър тузилишига мансуб. Бу шеър тизимларида товушнинг миқдори — чўзиклик даражаси ва унинг вақт билан ўлчаниши ритмни уюштиришнинг асосий негизи ҳисобланган (қаранг Аруз). Квантитатив шеър тузилишидан сўнг квалитатив шеър тузилиши ва унга кирувчи кўпчилик шеър тузилишлари пайдо бўлган. Бу шеър тузилиши бўғинларнинг сонигагина эмас, сифатига (урғули ва урғусиз бўғинларнинг муайян бир тартибда навбатлашиб келишига) ҳам таянади; бунга силлабик, силлабиктоник ва тоник бўғин тизимлари киради. Квалитатив шеър тузилиши даврида шеърият оғзаки шаклдан ёзма шаклга ўтди ва мусиқадан ажралиб чикди. Ўзбек бармоқ тизими ҳам шу босқичга мансуб. Бармоқтизимидаги ритм бўғинлар сонига, оз бўғинларнинг мисраларда мутаносиб бўлишига суянади (қаранг Бармоқ тизими). Насрда ҳам ритм мавжуд. Аммо у ўлчов (вазн) асосида келиб чиқмайди. Шу туфайли изчил эмас.

Тасвирий санъатда ритм бадиий санъат асарининг ифода воситаларидан бўлиб, асар тузилишининг ўзига хос томонини белгилайди, унинг ғоявий бадиий эстетик мазмунини чуқурроқ очишга хизмат қилади. ритм қурилиши симметриянинг турли унсурларига, шунингдек, бир хил ёки бир-бирига ўхшаш (яқин) шакл ва нарсалар (чизиқ, мухрланган ҳаракат, нурсоя, бўёқ доғлари ва ҳоказо)нинг тенг ҳажм ва оралиқда текис меъёрда қайтарилиши ёки оралаб келишига асосланади. У ёки бу ритм қурилиши ёрдамида асарга турлича эмоционаллик бахш этиш мумкин.

Амалий безак санъати ҳамда меъморликда асар композициясини яратишда ва образни шакллантиришда ритм муҳим ўрин тутади. Меъморликда ҳажм, шакллар (устун, дарча, балкон ва ҳоказо) бир маромда қайтарилиши ёки оралаб келиши бинога ўзгача мазмун киритади; нақш мужассамоти ҳам ритмга асосланган ҳолда яратилади: бир ёки бир неча нақш бўлакларининг такрорланиши ёки оралаб келиши натижасида асарга тугаллик ёки чексизлик бағишланади.

Мусиқада ритм асар ривожланиш жараёнининг замон нуқтаи назаридан тартиби; куй, гармония каби асосий мусиқий ифода воситаларидан бири. Тор маънода ритм товуш чўзилмаларининг изчиллигидир (бунда товушлар фақат ўзининг давомийлиги жиҳатдан, яъни баландпастлик, лад хусусиятларидан ажралган ҳолда баҳоланади). Халқ мусиқасининг қадимий кўринишлари (меҳнат ва маросим қўшик/три, алла, марсия, достон каби жанрлар, баъзи чолғу машқлар)да мусиқий ритмнинг илк шакли — "оҳангдор" (ёки "эркин") ритм сақланиб қолган. У ритмик тузилмаларнинг ўзаро тенг эмаслиги, ҳар бир ритмик даврнинг "кескин" ва "енгил" босқичлар алмашинувига асосланганлиги билан фарқданади. Вокал асарларда мусиқавий ритм маълум даражада шеърий ритм га монанд бўлади. Оғзаки анъанадаги мусиқада (Мас, мумтоз ашула, мақом жанрларида), айниқса, квантитатив Р. хусусиятлари кенг ўрин олган. Бунда маълум тартибда жойлашган турли (қисқа ва узун) чўзилмалар муайян ритмик андозаларни ташкил этади, улар негизида мусиқий ритм жараёни юзага келади. Халқ мусиқаси (айниқса, Африка ва Осиё халқлари), композиторлик ижоди (асосан, гомофония услубидаги асарлар)да квалитатив (урғули) ритм тури ҳам кенг ўрин олган. У қисқа ва узун эмас, балки кучли (урғули) ва кучсиз (урғусиз) чўзилмалар нисбатлари орқали юзага келади (Мас, усул). Ургули ритм кўпинча муайян мусиқий метрга бўйсунади. Метр ва Р.нинг ўзаро боғлиқлигига нисбатан метроритм ибораси ишлатилади. Мусиқавий Р.нинг ҳамма турлари катта бадиий кучга эга бўлади. Айниқса, миллий колоритни беришда, турли ҳаракатларни тасвирлашда, умуман барча давомий жараёнларни ифодалашда унинг имкониятлари чексиз. Кўпгина мусиқа услубларида ҳар хил Р. турлари ўзаро туташган ҳолда намоён бўлади: Мас, мумтоз ашула йўлларида текис такрорланувчи усул негизида (урғулидаврий Р.) аруз нисбатларига асосланган куй ривожи (квантитатив Р.) баробар намоён бўлади. Мусиқадаги Р.нинг назарий ва амалий муаммоларини мусулмон Шарқ олимлари илми ийқо фанида ўрганишган. Ибн Сино, Сафиудин ал-Урмавий, Жомий, Зайнулобидин ал-Ҳусайний, Кавкабий ва бошқалар мавжуд. Р. тузилмаларини адвор (доиралар) шаклида тахлил қилишган[1].

Манбалар

[edit | edit source]
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил